“Крокус Сити Холл” ўрнида хотира хиёбони барпо этилиши мумкин

Фото: euromaidanpress.com

2024 йил 22 март куни теракт содир этилган “Крокус Сити Холл” концерт зали ўрнида хотира хиёбори пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёв Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида гапирди.

Воробьёвнинг сўзларига кўра, хотира хиёбонининг майдони ҳозирда кўриб чиқилаётган вариантлардан биридир. Шу билан бирга, концерт зали ҳам реставрация қилиниши мумкинлиги қайд этилган.

«Бу хусусий мулк, шунинг учун бу ерда муайян одобга риоя қилиш керак […] Лекин шу билан бирга, жамоатчилик фикри ҳам, бизнинг позициямиз ҳам, албатта, у ерда хотира хиёбонини қуриш ва ташкил этишни назарда тутади», – дейди Воробьёв.

Қарор мажмуа эгаси Crocus Group томонидан қабул қилинади. Терактдан кўп ўтмай, унинг вакиллари “Крокус Сити Холл” реставрацияси ва у ерда ёдгорлик белгиси пайдо бўлишини эълон қилганди. Терактдан икки ой ўтиб, ёниб кетган мажмуа ҳудудида ҳеч қандай иш олиб борилмаяпти, дея хабар беради “РИА Новости”.

Ёнғин ўчирилганидан кейин кўп ўтмай, концерт зали биноси ёнида гуллар ва ўйинчоқлардан иборат стихияли ёдгорлик пайдо бўлди.

22 март куни “Пикник” гуруҳининг концерти бўлиб ўтиши керак бўлган концерт зали биносида содир этилган теракт ва ёнғин натижасида 145 киши ҳалок бўлган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.