“Крокус”даги терактда айбланаётганлар тергов изоляторига етказилди
Москва яқинидаги “Крокус сити холл” концерт залида содир этилган терактда айбланаётган тўрт нафар шахс аллақачон Москвадаги “Лефортово” тергов изоляторига етказилди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Ева Меркачёвага таяниб MSK1.RU хабар беради.
Унинг сўзларига кўра, айбланувчилар алоҳида камераларда сақланмоқда.
«Жазони ижро этиш федерал хизмати (ЖИЭФХ) уларга камерадошлари орасида ташвиқот олиб бориш ва ёллаш имкониятини бермаслик учун бир хил модда бўйича судланганлар билан бирга сақлаш керак деган хулосага келди», – дея қўшимча қилади Меркачёва.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг қўшимча қилишича, судга замбилда олиб келинган Муҳаммадсобир Файзовга тиббий ёрдам кўрсатилиши мумкин, тергов изоляторида тўшакка ётиб қолган беморлар учун ҳам махсус блок мавжуд.
22 март куни кечқурун “Крокус сити холл” концерт залида теракт содир бўлди. “Пикник” гуруҳи чиқишидан олдин залга қуролланган одамлар бостириб кириб, томошабинларга қарата ўт очди. Шундан сўнг портлашлар содир бўлди ва ёнғин чиқди. Россия Тергов қўмитаси террорчилик ҳаракати (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси) бўйича жиноий иш қўзғатди.
23 март куни эрталаб Брянск областида терактда гумон қилинган тўрт нафар шахс қўлга олинди. Эртаси куни улар ҳибсга олиниб, 22 майга қадар тергов ҳибсхонасига жўнатилди. Уларни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.
Шарҳлар