Японияда кучли ёмғирлар оқибатида 6 киши ҳалок бўлди
Япониянинг Хонсю ороли ғарбидаги Исикава префектурасида кучли ёмғирлар оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Яна етти киши бедарак йўқолди, деб хабар бермоқда “Коммерсантъ”. Камида 115 та аҳоли пункти билан алоқа узилган. У ерларга олиб борадиган йўллар ер ўпирилиши натижасида тўсилиб қолган.
21 сентябрь куни Японияда бошланган ёғингарчиликлар туфайли энг кўп жабр кўрган аҳоли пунктлари Ното қишлоғи ҳамда Вадзима ва Судзу шаҳарлари бўлди. Сўнгги икки кун ичида Вадзимада 540 мм.дан ортиқ ёғингарчилик тушган бўлиб, бу 1975 йилдан буён кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.
Айни пайтга қадар олти нафар қурбон ҳақида маълум бўлиб, уларнинг икки нафари Накая туннелида ҳалок бўлган. Туннель ер ўпирилиши оқибатида тўсилиб қолган. У ерда жами 12 киши бўлган, 10 киши қутқариб олинган.
Ёмон об-ҳаво туфайли, Судзу ва Нотода 1,7 мингдан ортиқ уйлар сув таъминоти ва электр энергиясисиз қолиб кетди. Вадзимада 6,2 та уйда сув ўчди. Бундан ташқари, Исикава префектурасининг баъзи туманларида алоқа билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда.
Шарҳлар