Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба истеъфо ҳақида ариза берди
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзди. Бу ҳақда Олий рада спикери Руслан Степанчук маълум қилди.
Кулебанинг аризаси энг яқин кунларда ўтказиладиган ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқилади, дея қўшиб қўйди Степанчук.
Кулебанинг ўзи истеъфоси юзасидан изоҳ берганича йўқ. Ишдан бўшаганидан кейин у қандай лавозимни эгаллашига аниқлик киритилмаяпти.
Кулеба ташқи ишлар вазири лавозимини 2020 йил мартидан буён эгаллаб келаётган эди. Унинг истеъфога чиқиши эҳтимоли ҳақида аввалроқ “Украинская правда” ўз манбаларига таяниб хабар берганди. Бундай қарор сабабларига аниқлик киритилмаган, аммо унинг ўрнини катта эҳтимол билан ташқи ишалр вазири биринчи ўринбосари Андрей Сибигу эгаллаши айтилган эди.
Нашр манбаларига кўра, Украина ҳукуматида бошқа истеъфолар ҳам кутилмоқда. Ўзгаришлар вазирлар маҳкамаси таркибининг қарийб ярмига тегишли бўлиши мумкин.
3 сентябрь куни уч вазир ва икки нафар бош вазир ўринбосари истеъфо берди, булар: стратегик саноат тармоқлари вазири Александр Камишин, адлия вазири Денис Малюска, атроф-муҳит ҳимояси вазири Руслан Стрелец, евроинтеграция бўйича бош вазир ўринбосари Ольга Стефанишина ҳамда бош вазир ўринбосари ва вақтинчалик босиб олинган ҳудудлар реинтеграцияси бўйича вазир Ирина Верешчук.
Шарҳлар