Кулеба: Путин Швейцарияда ўтказиладиган Тинчлик саммитини бузишга уринмоқда
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Владимир Путиннинг музокараларга тайёрлиги ва ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги хабарларига изоҳ берар экан, Россия президенти Швейцарияда бўлиб ўтадиган Тинчлик саммитини фақат бузишга уринаётганини айтди.
“Нега Россия “манбалари” бирдан ОАВга Путин ҳозирги чегараларда урушни тугатишга тайёрлигини айтишмоқда? Ҳаммаси оддий. Путин 15-16 июнь кунлари Швейцарияда бўлиб ўтадиган Тинчлик саммитини бузишга астойдил ҳаракат қилмоқда. У унинг муваффақиятидан қўрқади. Унинг атрофидагилар Россия қўшинлари Украинага шафқатсизларча ҳужум қилишда давом этаётганига, Украина шаҳарлари ва аҳоли пунктларига уларнинг ракета ва дронлари ёғаётганига қарамай, ўт очишни тўхтатишга тайёрлиги ҳақида ёлғон сигналлар юбормоқда”, — деб ёзади у Х ижтимоий тармоғида.
Кулебанинг сўзларига кўра, Путиннинг Украинага қарши тажовузни тўхтатиш истаги йўқ.
“Дунёдаги кўпчиликнинг принципиал ва бирлашган овозигина уни урушни эмас, балки тинчликни танлашга мажбур қилиши мумкин. Тинчлик саммити айнан шу мақсадда ўтказиляпти. Шунинг учун у ундан жуда қўрқади. Шунинг учун ҳам барча қитъалар ва дунёнинг турли бурчакларидан имкон қадар кўпроқ етакчилар қатнашиши жуда муҳим”, — дея қўшимча қилади вазир.
Шарҳлар