Россиянинг Курск вилоятидаги АЭС тўртинчи марта дронлар ҳужумига учради
Украина қўшинлари Россиянинг Курск вилояти Курчатов шаҳридаги атом электр станцияси (АЭС)га камида бешта камикадзе дронлари ва битта C-200 ракетаси билан ҳужум қилишга уринди, деб хабар беради Mash Telegram-канали.
Дрон ва ракеталарнинг барчаси ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситалари ёрдамида уриб туширилди, аммо уларнинг бўлаклари Курскда бир нечта кўчаларни таъминловчи подстанцияга зарар етказди. Вилоят губернатори Роман Старовойт ракеталарнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими томонидан йўқ қилингани ва электр таъминотидаги узилишлар ҳақида маълум қилди.
Таъкидланишича, Россия Украинага бостириб кирганидан буён Курчатов АЭС тўртинчи марта дронлар ҳужумига учрамоқда. Чунончи, 9 январь куни АЭС ҳудудида самолёт туридаги учувчисиз учар қурилма қулаган эди. Дрон портловчи модда ўрнатилган жанговар қисмга эга бўлган. Портловчи қурилма ўша пайтда ишга тушмай қолган.
Шарҳлар