Украина разведкаси: Белгород ва Курск вилоятлари — фаол жанговар ҳаракатлар зоналари
Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси вакили Андрей Юсов қўпорувчилик гуруҳлари Россиянинг чегара яқинидаги Курск ва Белгород вилоятларини “фаол жанговар ҳаракатлар зоналари”га айлантириб юборганини айтди, деб ёзади BBC.
Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг чегарани кеиб ўтишга уринишларига чек қўйилганини маълум қилган, Белгород вилоятига бостириб кирмоқчи бўлган 195 нафаргача украин ҳарбийси ўлдирилганини айтганди.
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков чегарага қилинган ҳужум оқибатида 2 киши ҳалок бўлиб, 20 киши яраланганини билдирганди.
14 март куни кечқурун Гладков вилоят ҳудудида Украина қўшинлари йўқлигини, жанглар унинг ташқарисида бораётганини маълум қилди. Аммо Козинка қишлоғида жиддий вайронагарчиликлар бўлгани, аҳоли хавфсиз жойга кўчирилганини айтди.
Курск вилояти губернатори Роман Старовойт эса Украина қўпорувчилик-разведка гуруҳининг Тёткино қишлоғига киришга уринишлари муваффақиятсиз якунланганини хабар қилди.
Шарҳлар