LG, Bosch ва Sony брендлари Россиядаги дўконларини ёпишга қарор қилди
«Коммерсантъ»га маълумотга эга манбалар хабар беришича, LG, Bosch ва Sony маиший техника ва электроника дўконлари бутун Россия бўйлаб «таъминот етишмаслиги» ва ижара шартномалари муддати тугагани сабабли ёпила бошлади.
Компанияларнинг техник ёрдами нашрга бу маълумотни тасдиқлади ва қолган товарлар сотувга чиқарилгани ҳақида маълум қилди. «Коммерсантъ»нинг ёзишича, Жанубий Корея, Германия ва Япония компанияларининг чакана савдо нуқталарида Туркия ва Хитойдан етказиб берувчилар жойлашади.
Украинада уруш бошланганидан кейин LG, Bosch ва Sony каби қатор хорижий брендлар Россияга ўз маҳсулотларини етказиб беришни тўхтатди. Икки йилдан сўнг уларнинг дўконларининг ёпилиши узоқ муддатли ижара шартномалари билан боғлиқ бўлиб, уларнинг бекор қилиниши жаримага олиб келиши ва барча тўловларни амалга ошириш зарурати туғилиши мумкин, дея тушунтиради «Коммерсантъ»нинг йирик чакана сотувчилар орасидаги манбаси.
“Ижарачи ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида олти ой олдин огоҳлантириши керак, шунинг учун расмий етказиб беришлар тўхтатилган бўлса-да, кетаётган сотувчиларнинг чакана ҳамкорлари учун шартнома охиригача «ўтириш» осонроқ бўлганди”, — дейди нашр суҳбатдоши.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда маиший техника дўконлари зарарига ишламоқда, ишлаб чиқарувчилар эса ўз товарларини Россияда илгари суришни тўхтатди.
LG Electronics 2022 йил март ойида Россияга барча етказиб беришни тўхтатганини эълон қилди, бироқ “вазият ривожланишини кузатишга” ваъда берди. Жанубий Корея компаниясининг Москва яқинидаги Руза шаҳридаги заводининг фаолияти ҳам тўхтатилди.
Sony компанияси Россияга барча дастурий таъминот ва техник воситаларни етказиб беришни, шунингдек, PlayStation консолларини сотишни тўхтатди. Бундан ташқари, япон компанияси Украинадаги уруш қурбонларига 2 миллион доллар хайрия қилишини маълум қилган.
Bosch бренди 2022 йил март ойида Россиянинг еттита заводида ишлаб чиқаришни тўхтатди. Немис компанияси буни ўз маҳсулотларидан «фуқаролик бўлмаган» мақсадларда қўлланилиши хавфи мавжудлиги билан изоҳлади. Шундан сўнг Bosch ўз заводларини сотишни бошлади: Энгельсдаги корхонани S8 Capital холдинги, «Роберт Бош Самара» МЧЖни эса “ФГУП «НАМИ»” сотиб олди. 2023 йил охирида Санкт-Петербург яқинидаги Стрельна қўрғонидаги Bosch заводларини Туркиянинг Can Holding инвестиция фондига сотиш бўйича музокаралар якуний босқичда эди.
Шарҳлар