Лукашенко Путиннинг “Крокус”да теракт содир этган шахслар ўша пайтда Украина томонга йўл олган деган сўзларини шубҳа остига қўйди

Фото: fedpress.ru

Сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Александр Лукашенко “Крокус Сити Холл”даги терактдан кейин Россия ва Беларус махсус хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳақида гапирди. Лукашенконинг сўзлари Владимир Путиннинг Украина билан чегарада террорчилар учун «дарча тайёрланган» деган версиясини шубҳа остига қўйди.

Иқтибос: «Беларусда воқеа содир бўлганидан кейин биринчи дақиқаларданоқ махсус хавфсизлик чоралари кўрилди, махсус хизматлар даражасида улар олдиндан белгиланган алгоритм бўйича ҳаракат қилишди. Айнан шунинг учун ҳам террорчилар Беларусга боришга журъат эта олмай, балки Украина томон йўл олишди», – дея Лукашенконинг сўзларини келтиради БелТА Беларус давлат ахборот агентлиги.

Лукашенконинг сўзларидан хулоса қилишимиз мумкинки, террорчилар дастлаб Россиядан Беларусга кетишни режалаштиришган.

Шанба куни Путин «террорчиларнинг Украина билан чегарани кесиб ўтишлари учун дарча тайёрлаб қўйилгани», улар шу орқали қочиб кетмоқчи бўлганларини айтганди. Путиннинг фикрича, теракт иштирокчилари айнан Украина йўналишида кетаётган бўлган.

Террорчиларнинг машинаси Украина ва Беларус чегараларидан бир неча километр узоқликда, Брянск вилоятининг Суражский туманида М-3 трассасининг 376-километрида ағдарилиб кетган. Бундан олдин машинани қувиб келаётган хавфсизлик кучлари ғилдиракларга қарата ўқ узган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.