Венесуэла ҳукумати Мадурони президент сайлови ғолиби деб эълон қилди
Венесуэла ҳукумати 28 июль, якшанба кунги сайловларда амалдаги президент Николас Мадуро ғолиб бўлганини эълон қилди, деб хабар бермоқда BBC.
Мадуро ва унинг Венесуэла ягона социалистик партияси томонидан назорат қилинувчи Миллий сайлов кенгаши эълон қилишича, бюллетенларнинг 80 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, амалдаги президент 51,2 фоиз овоз тўплаган, бирлашган мухолифатдан номзод Эдмундо Гонсалес эса 44 фоиз овоз йиғган.
Таъкидланишича, сайлов олдидан ўтказилган сўровлар Гонсалеснинг Мадуродан аҳамиятли даражада устунлигини кўрсатган. 11 йилдан буён ҳокимият тепасида бўлган Мадуро даврида Венесуэла иқтисодиёти бутунлай инқирозга юз тутган.
Аргентина президенти Хавьер Милей унинг мамлакати Гонсалесни ғолиб деб ҳисоблашини маълум қилди.
Шарҳлар