Британия сентябрда ўз маҳбусларини Эстония қамоқхоналарига юборишни бошлаши мумкин
Эстония адлия вазири Лииса Пакоста Буюк Британияда қамоқхоналар тўлиб кетгани ҳақидаги хабарлар фонида мамлакат турмаларини британиялик маҳбусларни жойлаштириш учун таклиф қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Унинг айтишича, вазирлар маҳкамасига муҳокама учун меморандумни аллақачон тақдим этган ва бундай муҳокамаларни Британия Швеция билан ҳам олиб бормоқда.
Эстония вазири Британия судяларига енгил жиноятлар учун судланганларни турмаларга юбормаслик ҳақида мурожаатлар келиб тушаётгани ҳақидаги хабарлар туфайли шундай таклиф билан чиққан. The Sun нашри май ойида қамоқхоналар ҳаддан ташқари тўлиб кетгани муаммосини енгиллаштириш учун баъзи маҳбусларни муддатидан олдин озод этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди. Пакостанинг сўзларига кўра, Эстония қамоқхоналар ижараси Британияга 25 миллион фунт стерлингга тушиши мумкин. Daily Mail маълумотларига кўра, маҳбусларни кўчириш 10 сентябрь куни бошланиши мумкин. Шу билан бирга, терроризм, маиший зўравонлик, жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар ва бошқа айрим жиноятлар учун судланганлар чет элга юборилмайди.
Британия қамоқхоналардаги маҳбуслар сони бўйича Евроиттифоқда биринчи ўринни эгаллайди. 30 август ҳолатига кўра, уларнинг сони 88 350 дан ортиқ бўлиб, бу 2011 йилдан буён рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Шарҳлар