Қозоғистонда оиладаги зўравонликни жиноят деб тан олиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди
Қозоғистон Сенати аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди, деб ёзади Meduza. У асосан маиший зўравонликни жиноят деб тан олишга қаратилган.
Ушбу қонун калтаклаганлик ва саломатликка қасддан енгил жароҳат етказганлик учун жиноий жавобгарликни жорий қилади, шунингдек, саломатликка қасддан ўрта ва оғир даражада зарар етказганлик учун жавобгарликни қатъийлаштиради.
Энди жисмоний зўравонлик ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий процессда томонларнинг ярашувига имкон берилмайди. Шунингдек, Жиноят кодексига “Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан жинсий таҳқирлаш” моддаси киритилади. Қонунда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилиш ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Маълумотларга кўра, Қозоғистонда сўнгги тўрт ярим йил ичида оиладаги зўравонликдан 869 киши ҳалок бўлган. Оғир тан жароҳати етказиш бўйича 2086 та ҳолат қайд этилган. 2023 йилда ҳуқуқ-тартибот органларига оилавий зўравонлик бўйича 100 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Бу сўнгги беш йилга нисбатан уч баробар кўпдир.
Ҳужжат февраль охирида қуйи палата томонидан маъқулланган эди. У кучга кириши учун энди президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан имзоланиши керак.
Шарҳлар