Столтенберг: энди Украинага қурол етказиб бериш барча НАТО мамлакатлари учун мажбурий бўлади
Украинага қурол етказиб бериш энди барча НАТО мамлакатлари учун мажбурий бўлади. Бу ҳақда альянс бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда НАТО мудофаа вазирлари мажлисидан олдин ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб ёзади Медуза.
“Шуни кўрдикки, АҚШ Украинага қўшимча ёрдамни келишиб олишга олти ой вақт сарфлади. Яна шуни кўряпмизки, иттифоқдошлар томонидан берилган баъзи ваъдалар бажарилмади. Агар биз буни ихтиёрий ёрдамдан мажбуриятга айлантирсак, қурол етказиб бериш ишончлироқ тус олади ва кўлами ҳам кенгаяди”, — деди Столтенберг.
Қурол етказиб бериш НАТО Бирлашган қуролли кучларининг Европадаги бош қўмондони Кристофер Каволи раҳбарлиги остидаги тузилмалар томонидан мувофиқлаштирилади.
Столтенбергнинг сўзларига кўра, иттифоқдошлар Украинага йилига 40 миллиард евролик ҳарбий кўмак тақдим этади. Унинг таъкидлашича, Украина ғалаба қозониши учун ушбу даражани “қанча талаб этилса, шунча” сақлаб туриш керак.
Шарҳлар