Мали Украина билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилди
Мали ҳукумати Украина билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Аввалроқ Киев ҳукумат қўшинлари ва “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига қарши жанглар олиб бораётган исёнчиларни қўллаб-қувватлаб чиққан эди.
Муносабатларни “зудлик билан” узиш ҳақидаги ҳужжат Мали ҳукумати сайтига жойланган. Қарор Украина ҳарбий разведкаси вакили Андрей Юсов ва Украинанинг Сенегалдаги элчиси Юрий Пивоваровнинг гаплари туфайли қабул қилингани айтилмоқда. Мали фикрича, уларнинг биринчиси Украинанинг ҳужумга алоқадорлигини тан олган, иккинчиси эса халқаро терроризмни очиқчасига қўллаб-қувватлаган. Пресс-релизда таъкидланишича, Украина ҳукумати бу баёнотларни қораламаган ҳам, рад этмаган ҳам.
“Украина ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари Мали суверенитетини бузади, хорижий аралашув доирасидан чиқади, бунинг ўзи қоралашга арзийдиган нарса ҳамда Малига нисбатан яққол агрессия ва халқаро терроризмни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади”, — дейилади ҳужжатда.
Мали ҳукумати Россия-Украина низоси бўйича нейтрал позицияда бўлиб келганини таъкидлади. Энди эса Мали Киев ҳукуматининг “неонацистик ва ёвуз” табиати ҳақида гапирмоқда.
Июль охирида Малидаги қуролли гуруҳлар коалицияси Туарег исёнчилар ҳукумат қўшинларининг ўнлаб аскарларини, шунингдек, “Вагнер”нинг россиялик жангчиларини ўлдириб, яралаганини маълум қилган эди.
Украина ҳарбий разведкаси вакили Андрей Юсов исёнчилар Малида россияликларга қарши ҳарбий операция ўтказиш учун “ахборот олганини ва бу ҳаммаси эмаслиги”ни айтган эди. Украинанинг Сенегалдаги элчиси Андрей Пивоваров ижтимоий тармоқларда исёнчилар ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб постлар жойлагани учун Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган эди.
Шарҳлар