Байденни қайта сайланишдан воз кечишга унинг энг яқин маслаҳатчилари кўндирган — Politico
АҚШ президенти Жо Байден ўзининг икки нафар энг яқин маслаҳатчилари — Майк Донилон ва Стив Рикетти билан консультациялар ўтказганидан кейин иккинчи муддатга номзодини қўймасликка қарор қилган. Бу ҳақда Politico ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда. Нашр маълумотларига кўра, улар Байденга “фавқулодда ахборот”ни тақдим этгач, у ноябрдаги сайловлардан номзодини олиб ташлашга қарор қилган.
20 июль куни эрталаб Жо Байден Майк Донилон ва Стив Рикеттини ўзининг Делавер штати Рехобот-Бичдаги қароргоҳига таклиф қилган. У ерда Байден ўзида коронавирус аниқланганидан кейин ўз-ўзини яккалаш режимида ишламоқда. Учрашувда маслаҳатчилар Америка президентига конгрессменларнинг хавотирлари ҳақида гапириб берган, хайрия тушумлари бўйича янгиланган статистикани тақдим этган ва охирида қайта сайланиш эҳтимолини кўрмаётганини маълум қилган.
Узоқ давом этган маслаҳатлашувлардан сўнг Америка президенти яқин ёрдамчилари гуруҳини ва ўз оиласини сайловолди кампаниясини тугатишга қарор қилгани ҳақида хабардор қилган. Politico манбалари фикрича, Байденнинг қайта сайланиш режаларидан кутилмаганда воз кечиши ўз сиёсий имижини сақлаб қолишга бўлган интилиш билан боғлиқ. Шу тариқа Байден қарорни ўзи қабул қилгани ҳақида тасаввур уйғотмоқчи бўлган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Жо Байден янги муддатга қайта сайланишга ҳаракат қилмаслигини ва президент сайловидан ўз номзодини олиб ташлашини маълум қилди. У муддат охиригача президент лавозимида қолишини таъкидлади. Байден, шунингдек, ўз вице-президенти Камала Харрисни давлат раҳбари сайлови учун номзод сифатида “тўлиқ қўллаб-қувватлаши”ни билдирди.
Шундан кейин АҚШ вице-президенти Камала Харрис Демократик партиядан президентликка номзодини қўйишга эришишини маълум қилди. Харрис Байденнинг оқ фотиҳасини олиш унинг учун шараф эканини таъкидлади.
Шарҳлар