НАТО Украинага узоқ муддатли кўмак учун масъул бўлган шахсни тайинлайди
НАТО мамлакатлари Дональд Трамп АҚШ президенти сайловида ғолиб чиққан тақдирда, Украинага ёрдам беришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда, деб ёзади “Коммерсантъ”. Шу жумладан, альянс Украинага юқори мансабли ноҳарбий амалдорни юборади, у ҳарбий етказмалар координацияси учун масъул бўлади.
Бундан ташқари, Германиянинг Висбаден шаҳрида Украина қуролли кучларига ҳарбий техника, қурол етказиб берилиши, уларни ўқитишни мувофиқлаштириш учун бош қароргоҳ ташкил этилади. У НАТОнинг ҳарбий кўмак оқимини оптималлаштиришга ва Украинанинг альянсга эҳтимолий аъзолиги учун кўприк яратишга қаратилган миссиясининг бир қисмига айланади.
Ушбу чоралар бир неча ойлар давомида ишлаб чиқилган, аммо Жо Байден ва Дональд Трамп ўртасидаги дебатлардан сўнг янада долзарблашган. Бу режа Украина армиясининг қуролланиш ва тайёргарлик даражасини НАТО мамлакатлари кўрсаткичларига яқинлаштириш имконини беради. Ишлаб чиқилган ташаббуслар ҳақида 9—11 июль кунлари Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида эълон қилинади.
Шарҳлар