ЖССТ маймун чечагини яна фавқулодда вазият деб тан олди
Африкада авж олган маймун чечаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан жамоатчилик соғлиғини сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазият деб тан олинди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар бермоқда.
2024 йилда касалланиш билан боғлиқ 14 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг 524 таси ўлим билан тугаган. ЖССТ минтақавий ҳаракатлар режасини ишлаб чиққан бўлиб, унга 15 миллион доллар талаб этилади.
Маймун чечагининг тарқалиши Конго демократик республикасида қайд этилган бўлиб, касалланиш ҳолатлари кейинроқ Бурунди, Кения, Руанда ва Угандада ҳам аниқланган. Яқинда Африка касалликлар назорати ва профилактикаси маркази қитъада соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Касаллик авж олишининг фавқулодда вазият деб эътироф этилиши инфексия тарқалишини ушлаб туриш учун молиялаштиришни тезлаштириш имконини беради. 2022 йил июлида ЖССТ маймун чечагини халқаро кўламдаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилган, аммо ушбу режим 2023 йил майида бекор қилинган эди.
Шарҳлар