Гонконгда одамнинг маймун герпесига чалиниши билан боғлиқ илк ҳолат аниқланди
Гонконгда инсоннинг B герпеси (у маймун герпеси деб ҳам аталади)га чалиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда Гонконг Соғлиқни сақлаш департаменти хабар берди.
Таъкидланишича, 37 ёшли эркак 21 март куни аҳволининг ёмонлашуви ва иситма (безгак) шикоятлари билан касалхонага ётқизилган. Орқа мия суюқлиги таҳлили маймун герпеси вирусига нисбатан мусбат натижани берган.
Унинг оила аъзолари маълум қилишича, февраль охирида у Гонконг шимоли-ғарбидаги боғга ташриф буюрган вақтида ёввойи маймунлар уни тирнаб олган. Айни пайтда эркак интенсив даволаниш бўлимида ётибди. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, бу Гонконгда инсоннинг B герпеси билан касалланиши билан боғлиқ биринчи тасдиқланган ҳолатдир. Бунгача ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари АҚШ, Канада, қитъа Хитойи ва Японияда кузатилган. Одамлар ёввойи маймунлар тишлаб ёки тирнаб олиши натижасида касалланган.
Вирусни юқтиришнинг илк белгилари шамоллаш симптомларига ўхшайди, аммо кейин касаллик ривожланади ва марказий асаб тизими зарарланишига олиб келиши мумкин.
Шарҳлар