Медведев Байден, Макрон ва Сунакни “Крокус”даги теракт иштирокчилари деб атади
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Федерал хавфсизлик хизматининг Подмосковьедаги “Крокус Сити Холл” концерт залида уюштирилган теракт бўйича янги маълумотлари юзасидан изоҳ берди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Унинг фикрича, янги маълумотлар Киевнинг ҳодисага алоқадорлигидан гувоҳлик беради. Медведев АҚШ президенти Жо Байден, Франция президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия бош вазири Риши Сунак, Германия канцлери Олаф Шольцни жиноятга аралашишда айблади.
“Хўш, АҚШ ва Европа мамлакатларининг ҳурматли етакчилари! Террорчиларнинг уларга Киевда бир миллион рублдан ваъда қилингани ва улар Россия-Украина чегарасидаги туйнукдан ўтиши керак бўлгани ҳақидаги баёнотлари сиз учун етарли эмасми? Теракт ИШИД томонидан буюртма қилинган, шундайми? Ҳақиқий буюртмачилар — бу украиналик бандеровчи разиллар, сизларнинг асрандиларингиз. Бу қотилликда қатнашганлар эса — барчангиз, Байден, Макрон, Сунак, Шольц ва бошқалар”, — деб ёзди Медведев инглиз тилида Х ижтимоий тармоғида.
Аввалроқ “Крокус”даги терактда гумонланаётганларнинг сўроқ қилиниши акс этган видеолавҳа эълон қилинган эди. Унда гумонланувчилар Сайфулло исмли шахсдан топшириқлар олгани, Украинага борганидан кейин ҳар бирига 1 миллион рублдан ваъда қилинганини айтганди. ФХХ даъво қилишича, Украина ҳарбийлари террорчилар чегаранинг бир қисмини миналардан тозалаган.
Шарҳлар