Мелинда Гейтс “Билл ва Мелинда Гейтс фонди”дан кетишини эълон қилди
Филантроп Мелинда Френч Гейтс ўзи собиқ эри Билл Гейтс билан бирга асос солган Bill and Melinda Gates Foundation хайрия фондидан кетишини эълон қилди, деб ёзади Медуза.
“Чуқур ўйлаб ва фикр юритиб, фонд раисдошлиги лавозимидан воз кечишга қарор қилдим. Фонддаги сўнгги иш куним 7 июнь бўлади”, — деб ёзди Мелинда Х ижтимоий тармоғида.
Собиқ эр-хотин ўртасидаги келишувга мувофиқ, Мелинда Гейтс фонддан кетганидан кейин “аёллар ва оилалар манфаатлари йўлидаги” хайрия мақсадлари учун 12,5 миллиард долларни қўлга киритади.
“Ҳозир АҚШда ва бутун дунёда аёллар ва қизлар учун вазият оғир — тенгликни ҳимоялаш ва илгари суриш учун курашаётганлар эса кўмакка кучли эҳтиёж сезмоқда”, — деди Мелинда Гейтс.
Собиқ хотинининг қарорини изоҳлар экан, Билл Гейтс унга фонд ишига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Билл Гейтс ва Мелинда Френч 1994 йилда турмуш қурган, уларнинг уч нафар фарзанди бор. 2021 йилда Гейтслар ажрашишини эълон қилганди.
Билл ва Мелинда Гейтс фонди — дунёдаги энг йирик хусусий фонд бўлиб, шунингдек, у энг нуфузлиларидан бири ҳам.
Шарҳлар