АҚШ Россияда ишлаб чиқарилган алюминий, мис ва никель импортига тақиқ қўйди
АҚШ Молия вазирлигининг чет эл активлари устидан назорат бўйича бошқармаси Россияда ишлаб чиқарилган алюминий, мис ва никель импортига тақиқ киритилишини эълон қилди, деб ёзади Медуза. Тегишли ҳужжат идора сайтига жойланган.
Энди Америка компанияларига Россияда ишлаб чиқарилган металлар билан операциялар ўтказиш, шу жумладан, уларнинг экспорт ва реэкспортини амалга ошириш тақиқланади. Чекловлар 2024 йил 13 апрелга қадар ишлаб чиқарилган Россия металларига тегишли бўлмайди.
Бундан ташқари, АҚШ ва Буюк Британия Россия алюминийси, миси ва никелидан жаҳон метал биржаларида фойдаланишни чеклашга қарор қилди. Натижада Лондон металлар биржаси (LМE) ва Чикаго савдо биржаси (CМE)га 13 апрелдан бошлаб ишлаб чиқарилган Россия металларини қабул қилиш тақиқланади.
Буюк Британия ҳукумати Россияда ишлаб чиқарилган мис, алюминий, никель ва бошқа баъзи металлар импортига 2023 йил декабрида тақиқ қўйган эди. Аммо бу чекловлар Лондон металлар биржасида Россия металлари савдосига тааллуқли бўлмаган эди.
Шарҳлар