Кейт Миддлтонга саратон ташхиси қўйилди
Уэльс маликаси Кейт Миддлтон қорин бўшлиғида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин унга саратон ташхиси қўйилганини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Айни пайтда у кимёвий терапия муолажасини олмоқда.
“Операция муваффақиятли ўтди, лекин ундан кейинги таҳлиллар саратон борлигини кўрсатди. Шифокорлар менга профилактик кимёвий терапия курсини маслаҳат беришди, ҳозир мен даволанишнинг илк босқичида турибман”, — деди Миддлтон Х ижтимоий тармоғига жойлаштирилган видеомурожаатида.
17 январь куни Кенсингтон саройи Кейт Миддлтон қорин бўшлиғида жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун режали равишда касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берганди. Шундан кейин ОАВларда унинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган ва унинг жамоат тадбирларида кўринмай қолгани муҳокама қилинган эди.
Март бошида Кенсингтон саройи Уэльс маликасининг жарроҳлик амалиётини ўтказганидан кейинги илк расмий суратини эълон қилганди.
20 март куни эса Кейт Миддлтон узоқ вақтлардан буён биринчи марта шаҳзода Уильям билан биргаликда омма олдида кўриниш берди.
Аввалроқ Кейт Миддлтон даволанган The London Clinic хусусий клиникаси ходимларига нисбатан суриштирув олиб борилаётгани, улар Миддлтоннинг тиббий маълумотларини қўлга киритишга уринишда гумонланаётгани хабар берилган эди.
Шарҳлар