Микола Дорошенко Украина корхоналарининг Ўзбекистонга “релокация”сини рад этди. Сўз янги корхоналарни яратиш ҳақида борган

Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко Anhor.uz нашрига берган интервьюсида Украина корхоналарининг Ўзбекистонга кўчирилиши мумкинлиги ҳақидаги ОАВда тарқалган хабарларга изоҳ берди.

“Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик ниҳоятда муҳим ва оғир халқаро муҳитга қарамай давом этиши керак. Мен ушбу форум ташаббускори эдим. Умуман олганда, шуни айтишим керакки, турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик йўналишлари жуда кўп. Масалан, ўз вақтида Самарқандда Иккинчи жаҳон уруши йилларида эвакуация қилинган украиналик рассомларнинг кўргазмасини очишни режалаштирган эдик. Уруш тугаганидан сўнг, улар авлодлар учун сақланиб қолган жуда катта миқдордаги асарлари билан қайтишди. Мен Самарқандда кўргазма ташкил қилмоқчи эдим, аммо, афсуски, кенг кўламли уруш бошланиши бу режаларим амалга ошишига имкон бермади. Бугун биз бу фикрга қайтдик, лекин бироз бошқача шаклда. Биз ўзбек ва украин тилларида шу даврга оид маълумотларни ўз ичига олган «Антиквар» журналини нашр этиб, унинг саҳифаларида украиналик рассомларнинг Самарқанд ҳақидаги ноёб асарларини жойлаштирдик. Шу билан бирга, биз Киев санъат галереясида кўргазма очдик. Унда 100 га яқин асар намойиш этилди. Бу лойиҳанинг маданий таркибий қисми эди”.

Иқтисодий қисмига келсак, Киевда Ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

“У 2021 йил февраль ойида ташкил қилинганди. Ишбилармонлар кенгашининг сиз томондан ҳамраиси ўзбекистонлик тадбиркор Зафар Ҳошимовдир. Мен уни таклиф қилдим ва у бу лойиҳада мамнуният билан иштирок этди. Ишбилармонлар кенгашида сизнинг элчингиз Алишер Курманов иштирок этди. Биз кенг кўламли икки томонлама иқтисодий алоқалар, Украина товарларини Ўзбекистон бозорига етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш йўллари масалаларини муҳокама қилдик. Афсуски, кенг кўламли уруш бошланиши билан товар айирбошлаш қисқарди, аммо шунга қарамай, бугунги кунда у 300 миллион доллардан ошади. Бугунги кунда Ўзбекистондан Украинага жуда катта юк оқими кетмоқда. Шунингдек, форумда Украина енгил саноат уюшмалари, сутчилар, қандолатчилар, АТ-ҳамжамияти ва бошқалар вакиллари Ўзбекистон бозорида ишлашга қизиқишлари ҳақида сўзлаб беришди. Корхоналаримизнинг «релокация»сига келсак, табиийки, сўз бу ҳақда бормаяпти; Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватларини яратишга қизиқиш бор”.

Элчининг сўзларига кўра, у украиналик бизнес вакилларига Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар мавжудлиги, хусусан, саноат корхоналарини қуриш учун ер ажратилган эркин иқтисодий зоналар мавжудлиги ҳақида маълумот беради.

“Сизда кластерлар мавжуд, улар ҳам бизнес юритиш учун истиқболли соҳадир. Бу ерда фармацевтика компаниялари, жумладан, Украина компаниялари фаол. Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада талаб катта бўлган ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу ерда Марказий Осиёда истеъмол салоҳияти 100 миллион кишига баҳоланмоқда, бу жуда катта бозор. Биз дипломатлар сифатида Украина бизнесига Ўзбекистонда алоқаларни кенгайтириш учун қулай шароитлар ҳақида сигналлар юборамиз”, — дея хулоса қилади у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.