Тожикистон президенти “миллийликка ёт кийимлар” кийишни тақиқловчи қонунни имзолади
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 35 та қонунни имзолади, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати. Улар орасида “Тантана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонун ҳам бўлиб, у мамлакатда “миллийликка ёт кийимлар” кийишни тақиқлайди. Шунингдек, президент “исрофгарчилик”ни ва “идгардак” анъанасини тақиқловчи қонунларни ҳам имзолади.
Asia-Plus хабарига кўра, қонун Тожикистонда ҳижоб ўраганлик учун жарималар ва аёлларга ҳижобни рўмол сифатида ўраш ҳақидаги талаблар фонида қабул қилинган. Қонунга риоя қилмаслик жаримага сабаб бўлади. Бироқ қонуннинг ўзида айнан қандай кийим “миллийликка ёт” бўлиб ҳисобланишига аниқлик киритилмаган.
Тақиқ остига тушган “идгардак” Қурбон ҳайити, Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами билан боғлиқ анъана бўлиб, бу вақтда болалар чиройли кийимлар кийиб ва катта сумкалар олиб, турли ноз-неъматлар сўраб уйма-уй юради.
Тожикистон президенти матбуот хизмати аниқлик киритишича, қонунлар “азалий қадриятлар ва миллий маданиятни ҳимоя қилиш”, бидъат ва хурофотлар олдини олиш, шунингдек, байрамларни нишонлашда “ортиқча харажатлар ва исрофгарчиликлар”га йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган.
Шарҳлар