Россиялик Олег Кононенко коинотда минг кун вақт ўтказган илк космонавтга айланди
Россиялик Олег Кононенко коинотда жами минг кеча-кундузни ўтказган дунёдаги илк космонавтга айланди, деб хабар бермоқда “Роскосмос”. Рекорд бугун, 5 июнь куни Тошкент вақти билан 02:20 да ўрнатилган.
2023 йил сентябридан буён Олег Кононенко ўзининг бешинчи фазовий парвозини амалга оширмоқда. Халқаро коинот станциясига бир йиллик парвоз 2024 йил 23 сентябрида тугаган пайтда космонавтнинг жами парвоз вақти 1110 суткани ташкил этиши кутилмоқда.
Кононенконинг ўзи маълум қилишича, янги жаҳон рекорди билан уни биринчи бўлиб станциянинг Америка сегменти экипажи аъзолари ва Хьюстондаги Парвозларни бошқариш маркази табриклаган.
“Роскосмос” маълумотларига кўра, коинотда бўлиб туриш вақти бўйича иккинчи ўринни россиялик космонавт Геннадий Падалка (878 сутка), учинчи ўринни ҳам россиялик Юрий Маленченко (827 сутка) эгалламоқда. Бу борада тўққизинчигача бўлган поғоналарнинг барчасини россияликлар банд қилган. Тўққизинчи ўринда эса ХКСнинг илк аёл командири Пегги Уитсон жойлашган бўлиб, унинг коинотда жами ўтказган вақти 675 суткадан ошади.
Шарҳлар