Путин КХДРга Россиянинг Украинага ҳужумини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди
Владимир Путиннинг Пхеньянга ташрифи олдидан Шимолий Кореянинг “Нодон синмун” газетасида Россия президентининг “Россия ва КХДР: дўстлик ва ҳамкорлик анъаналари йиллар оша” сарлавҳаси остидаги мақоласи чоп этилди, деб ёзади Медуза.
Унда “Россия ва КХДР ўртасида тенглик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган дўстлик ва яхши қўшничилик алоқалари етмиш йилдан ортиқ тарихга эга ва бой шонли тарихий анъаналар билан йўғрилгани” ҳақида ёзилади.
Россия президенти айнан Совет иттифоқи дунёда биринчи бўлиб КХДРни тан олиб, у билан сипломатик алоқалар ўрнатганини, кейин эса улар миллий иқтисодиётни барпо этиб, соғлиқни сақлаш тизимини йўлга қўйишда, илм-фанни ривожлантиришда ёрдамлашганини эслатди.
Россия ва Шимолий Корея бугунги кунда ҳам кўп томонлама шерикликни фаол ривожлантиришда давом этмоқда, дейди Путин. “Биз КХДРнинг Украинада Россия махсус ҳарбий операцияси ўтказилишидаги қатъий кўмагини, асосий халқаро масалалар бўйича биз билан бирдамлигини, БМТ майдонида умумий приоритетлар ва нигоҳларда қатъий туришга шайлигини юқори баҳолаймиз”, — дейилади мақолада.
Шунингдек, Путин Россия ва КХДР икки томонлама ҳамкорликни янада юқорироқ даражага олиб чиқишига умид қилиб, Ким Чен Инга саломатлик, КХДР халқига тараққиёт йўлида муваффақиятлар тилаб қолган.
Шарҳлар