Франция Украинага Mirage 2000 қирувчи самолётларини тақдим этади
Франция Украинага ҳарбий ёрдам сифатида модернизация қилинган Mirage 2000-5 қирувчиларини етказиб беради. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэль Макрон эълон қилди, деб ёзади Meduza.
“Эртага биз янги ҳамкорликни бошлаймиз ва Украинага ўз ерларини, ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш имконини берадиган Mirage 2000-5 француз жанговар самолётлари тақдим этилишини эълон қиламиз”, — деди Макрон Франция ОАВларига берган интервьюсида. Киевга бериладиган француз жанговар самолётлари сонига у аниқлик киритмади.
Бундан ташқари, Париж украиналик учувчиларни тайёрлаш учун олти ойлик курсларни ташкиллаштиради, шунингдек, 4500 ҳарбийдан иборат украин бригадасини ўқитишда ҳам қатнашмоқчи, деди Франция президенти.
Франция ва Украина президентларининг расмий музокаралари бугун, 7 июнь куни Парижда бўлиб ўтади. Томонлар Киевга маҳаллий ҳукумат органлари ва муҳим инфратузилмани қўллаб-қувватлаш учун кредит ва грантлар кўринишида 650 миллион евро ажратилишини кўзда тутувчи иккита битимни имзолаши кутилмоқда.
Шарҳлар