Сунъий заковат орқали яратилган марокашлик модель рақамли дунё гўзалига айланди
Сунъий заковат томонидан яратилган марокашлик модель Кенза Лейли дунёдаги биринчи Miss AI (“Сунъий заковат гўзали”) гўзаллик танловида ғолиб бўлди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Унинг ишлаб чиқувчилари 13 минг долларни қўлга киритди.
Кенза Лейлининг Instagram’даги саҳифасида 195 минг обуначиси бўлиб, у еттита тилда гаплаша олади. Қиз ўз обуначилари билан кеча-ю кундуз мулоқот қилиб, уларни “ўз гўзаллиги ва камтарлиги билан ўзига ром қилади”, деб ёзади The New York Post.
“Менинг мақсадим доим Марокаш маданиятини фахр билан намойиш этиш бўлган”, — дейди Кенза Лейли. У ўз машҳурлигидан аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва роботлар ҳақида ижобий ахборот тарқатиш йўлида фойдаланишга ваъда бермоқда.
Танловда 1,5 мингдан ортиқ иштирокчи бор эди. Иккинчи ўринни франсиялик Лалина исмли “рақамли иштирокчи” эгаллади (118 минг обуначиси бор). Учинчи ўринда португалиялик нейромодель Оливия Си жойлашди, у travel-блог “олиб боради”. Уларнинг ишлаб чиқувчилари ҳам тегишли равишда 5 минг ва 2 минг доллар миқдорида мукофотга эга бўлди.
Иштирокчилар асосан гўзаллиги, ташқи кўринишининг қанчалик реаллиги, технологик моҳирлик ва ижтимоий тармоқлардаги нуфузи каби мезонлар бўйича баҳоланди.
Шарҳлар