Мюнхен конференциясида Россиянинг НАТО мамлакатларига ҳужум қилиш хавфи муҳокама этилди
Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида НАТО аъзолари Россиянинг Шимолий Атлантика альянси мамлакатларидан бирига ҳужуми эҳтимолини муҳокама қилди, деб ёзади Bloomberg ўз манбаларига таяниб. Агентлик маълумотларига кўра, улар бундай хавф “зудлик билан жавоб қайтариш”ни талаб этади, деган фикрда. НАТО мамлакатлари АҚШ “Европани ҳимоя қилиш борасида ўзининг анъанавий роли”ни сақлаб қолишига шубҳа қилмоқда.
АҚШ борасидаги пессимизм Мюнхен конференциясида етакчилик қилди, деб ёзади Bloomberg. НАТО мамлакатлари мудофаа вазирлари Вашингтон ҳалигача Украинага маблағ ажратмагани юзасидан хавотир билдирди. Вазирлар “Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича вазият ёмонлашуви Россияни НАТО иттифоқдошига тўғридан тўғри ҳужум қилишга ундаши мумкин бўладиган” сценарийларни режалаштириш билан шуғулланмоқда. Bloomberg манбаларига кўра, аввалги учрашувларда кузатилган қатъийлик ўрнига, бу йил Мюнхенда ишончсизлик кайфияти устунлик қилган.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус Bloomberg’га берган интервьюсида қайд этишича, у Россия ҳужум қилиш-қилмаслиги ва бу қачон юз бериши мумкинлиги борасида ҳеч нарса билмайди. Аммо у бу беш-саккиз йилдан кейин содир бўлиши мумкинлигини истисно қилмади.
НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари Роб Бауэр аввалроқ альянс кучлари яқин икки ўнликда Россия билан тўлиқ кўламли урушга тайёрланаётганини маълум қилганди. У НАТОга аъзо мамлакатлар ҳукуматларини ва уларнинг фуқаро аҳолисини низога ва ҳарбий хизматга чақирув эҳтимолига тайёрланишга даъват этганди. Россия билан эҳтимолий уруш ҳақида сўнгги вақтларда Швеция, Норвегия, Германия, Буюк Британия ва бошқа бир қатор Европа мамлакатлари вакиллари айтиб ўтганди. Россия ҳукумати бу баёнотларни “ахборот уруши”нинг бир қисми ва европалик сиёсатчиларнинг фуқароларни иқтисодиётдаги муаммолардан чалғитишга уринишлари деб атаганди. Россия президенти Владимир Путин Москва ўз қўшиналрини Польша ёки Латвияга юбормоқчи эмаслигини айтди.
Шарҳлар