Ҳиндистон бош вазири Путин билан учрашиш учун Москвага келади
Ҳиндистон ҳукумати раҳбари Нарендра Моди Москвага ташриф билан келади, деб ёзади Медуза. Ҳиндистоннинг The Tribune газетаси маълумотларига кўра, Россияга Моди 8 июль куни келади, ташриф бир кун давом этади. “ТАСС” манбаси Моди Москвада кутилаётганини тасдиқлади, аммо унинг маълумотлари бўйича, Ҳиндистон бош вазирининг ташрифи икки кунлик бўлади.
Бундан аввал Моди Москвага 2015 йилда келган, Россияга эса сўнгги марта 2019 йилда ташриф буюриб, Владивостокдаги Шарқий иқтисодиёт форумида қатнашган эди.
The Tribune қайд этишича, Моди Миллий демократик альянснинг сайловлардаги ғалабасидан кейин ҳукумат раҳбарлигини учинчи марта эгаллагани ҳамда Владимир Путиннинг бешинчи президентлик муддати бошланганига кўп ўтмасдан Москвага келмоқда.
Россия қўшинларининг Украинага тўлиқ кўламдаги истилоси бошланиб, унинг натижасида санкциялар жорий этилганидан кейин Ҳиндистон Россия нефтининг асосий харидорларидан бирига айланди. Россия Ҳиндистонга нефть хомашёсини катта чегирма билан сотмоқда. Ушбу нефтнинг бир қисмини Ҳиндистон ўз нефтни қайта ишлаш заводларида қайта ишлаб, олинган маҳсулотни, шу жумладан, Европа мамлакатларига сотиб, фойда олмоқда. Россия нефтини тўғридан-тўғри сотиб олиш Евроиттифоқ мамлакатларига санкциялар билан тақиқланган.
Ҳиндистон Россиянинг Украинага ҳужумини қоралаб чиқмади ва Швейцариядаги тинчлик саммити якунлари бўйича декларацияни имзоламади.
Шарҳлар