Молдова парламенти ЕИга аъзо бўлиш ҳақидаги референдум санасини тасдиқлади

Фото: Getty Images

Молдова парламенти ўзининг 16 майдаги йиғилишида мамлакатнинг Европага интеграцияси бўйича референдум санасини тасдиқлади – у 2024 йил 20 октябрда бўлиб ўтади.

Тегишли қарор учун ҳукмрон “Ҳаракат ва бирдамлик” (PAS) партиясининг 55 депутати овоз берди. Яна 20 нафар мухолифат депутати бетараф қолди, бир мухолифатчи депутат эса қарши овоз берди.

Қонун лойиҳаси муаллифлари референдумга олиб чиқилаётган саволни ўзгартирди. “Сиз Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиши тарафдоримисиз?” деган савол ўрнига овоз бериш бюллетенида “Сиз Молдова Конституциясига Европа интеграциясини киритишни қўллаб-қувватлайсизми?” деган савол ва иккита жавоб варианти бўлади: «Ҳа» ва «Йўқ».

Референдумни ўтказиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, PAS депутати Вероника Росканинг қўшимча қилишича, сайлов бюллетенида референдумда кўпчилик сайловчилар «ҲА» деб овоз берган тақдирда, Конституцияга киритиладиган аниқ ўзгартиришлар кўрсатилади.

Эслатиб ўтамиз, бу ҳолда, Конституция муқаддимасида Европа ўзига хослиги ва Молдованинг Европа тараққиёт йўлидан боришини қайтариб бўлмаслиги ҳақида сўз боради. Конституцияда «Европа интеграцияси» деб номланувчи алоҳида моддаси пайдо бўлади. Бу Молдова Европа Иттифоқини ташкил этувчи шартномаларга ва ЕИнинг таъсис шартномаларини қайта кўриб чиқишга оид ҳужжатларга қўшилганлигини кўрсатади. Қўшилганидан кейин ушбу шартномалар ва ҳужжатлар миллий қонунлардан устун бўлади. Эслатиб ўтамиз, ушбу тузатишлар Конституциявий суд референдум натижаларини тан олганидан сўнг дарҳол парламентда қўшимча овоз беришсиз киритилади.

Аввалроқ парламент спикери Игорь Гросу референдум президентлик сайловлари билан бир кунда бўлиб ўтишини айтганди. Бу шуни англатадики, агар тегишли сана парламент томонидан тасдиқланса, Молдовада президентлик сайловлари ҳам 20 октябрда бўлиб ўтиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.