Молдовада 9 майга георгий лентасини таққан кишилар жаримага тортилиши эълон қилинди
Молдова ҳукумати мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, 9 май куни Георгий лентаси ёки Z ва V белгиларини тақиб юрган фуқароларни жаримага тортади, деди республика бош полиция инспекциясининг бошлиғи Виорел Чернэуцяну.
«Ҳозирча қонун улар (айтиб ўтилган белгилар. – ТМТ) тақиқланган белгилар сирасига киришини тўғридан-тўғри тартибга солади», – дея тушунтирди у Radio Moldova эфирида.
Чернэуцанунинг сўзларига кўра, амалдаги нормалар Молдовада Георгий лентасини сотиш, сақлаш, ишлаб чиқариш ва тақишни тақиқлайди. Унинг таъкидлашича, мамлакатда босқинчилик белгиларини тақиб юриш ноқонуний ва бу жазоланиши мумкин.
Молдовада Георгий лентаси ҳамда Z ва V белгиларини ишлаб чиқариш, сотиш, тарқатиш, оммавий фойдаланиш учун жарима мавжуд. Жисмоний шахслар учун у 4,5 мингдан 9 минг лей (тахминан 250 дан 500 долларгача) атрофида бўлиб, қоидабузар жамоат ишларига ҳам дуч келиши мумкин. Мансабдор шахслар ва юридик шахслар 9 мингдан 18 минг лейгача (500 доллардан 1000 долларгача) тўлашлари керак бўлади.
Шарҳлар