Москва Британия элчихонаси ҳузуридаги мудофаа масалалари бўйича атташени чиқариб юбормоқда

Фото: посольство Великобритании в России

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳарбий атташеси чиқариб юборилишига жавобан Буюк Британиянинг мудофаа масалалари бўйича атташесини чиқариб юборишга қарор қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Британия дипломатик миссияси вакилига айтганидек, бу Лондоннинг худди шундай қарорига жавобдир.

8 май, чоршанба куни Британия Россия ҳарбий атташесини чиқариб юбориши ва Британиядаги айрим кўчмас мулк объектларини дипломатик мақомдан маҳрум қилишини маълум қилганди.

Ички ишлар вазири Жеймс Клеверли бу чораларни Россиянинг Украинага тажовузи ҳамда Россиянинг Буюк Британия ва Европадаги зарарли ҳаракатларига жавоб сифатида баҳолади.

Британия маълумотларига кўра, чиқариб юборилиши керак бўлган ҳарбий атташе Россия ҳарбий разведкаси зобити. Россиянинг Лондондаги элчихонаси жорий этилган чекловлар дипломатик ваколатхона ишини жиддий равишда мураккаблаштириши ва бундан афсусда эканлигини билдирди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова эса Москва Британия расмийларининг қарорига «адекват жавоб» беришига ваъда берди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.