Москвада меҳнат муҳожирларига электрон гувоҳномалар берилади

Фото: москва центр

Москва мэри Сергей Собянин 2025 йил январь ойидан бошлаб тажриба доирасида муҳожирларга шахсни тасдиқловчи электрон гувоҳномалар берила бошлашини билдирди.

Ушбу гувоҳномалар Россияга кириш санаси, биометрик маълумотлар, шунингдек, иш жойи ва рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Собяниннинг сўзларига кўра, полиция ходимлари рейдлар вақтида ушбу гувоҳномаларни махсус қурилмалар ёрдамида текширишлари мумкин бўлади.

Текширув натижасида муҳожирда муддатдан ортиқ қолиш ёки қидирувда бўлиш каби қонунбузарликлар борлиги аниқланса, полиция ходими уни бошқа чора кўрмасдан қўйиб юбора олмайди.

Собянин шунингдек, 2025 йилда Москва аэропортларида барча хорижликлар, жумладан, Россияга кириш учун виза талаб қилинмайдиган шахслар учун ҳам биометрик назоратни жорий этиш режалаштирилаётганини таъкидлади.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.