Москвада суд Борис Акунинни “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни бузишда айбдор деб топди

Фото: DW

Москванинг Таганский район суди 16 август, жума куни ёзувчи Борис Акунинни (асл исми Григорий Чхартишвили) “хорижий агент” фаолияти тартибини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликда айбдор деб топди. Бу ҳақда Москва шаҳар умумий юрисдикция судларининг Телеграм канали хабар беради.

Суд Акунинни 30 минг рубль (тахминан 307 евро) миқдорида жаримага тортишга қарор қилди. Илгари ёзувчи Россия Ички ишлар вазирлигининг федерал қидирувга берилган рўйхатига киритилган ва сиртдан ҳибсга олинган эди.

2014 йилдан бери Лондонда истиқомат қилаётган Борис Акунин бир неча бор Россия ҳукумати ва президент Владимир Путин сиёсатини танқид қилган, шунингдек, Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинадаги урушни очиқ қоралаган.

Уруш бошланганидан кейин Россияда Акунин асарлари цензурага учради. Унинг асарлари асосидаги спектакллар афишалардан олиб ташланди ва кўплаб театрлар спектаклларни бекор қилди. 2023 йил декабрь ойида нашриётлар ва китоб дўконлари унинг китобларини тарқатишни тўхтатди.

Ўша йилнинг декабрь ойида “Росфинмониторинг” ёзувчини “террорчилар ва экстремистлар” рўйхатига киритди ва Россия Федерацияси Тергов қўмитаси унга қарши Россия қуролли кучлари тўғрисида “фейк маълумотларни” тарқатиш ва терроризм оқлаш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди..

2024 йил январь ойида Россия Адлия вазирлиги Акунинни “хорижий агентлар” реестрига киритди. Ёзувчи бу қарорга киноя билан муносабатда бўлиб, ўзини ноқонуний парковка учун жарима олган бин Ладенга қиёслади.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.