Москвадаги парадда Путиннинг ёнига Бучани босиб олган дивизияда хизмат қилган ҳарбийни ўтқазишди
“Агентство” нашри Москвадаги парадда Бучани босиб олган дивизия ҳарбий хизматчиси Путиннинг ёнида ўтирганига эътибор қаратди. Путиннинг ортида катта лейтенант Чалим Чулдум-оол, майор Борис Дудко ва капитан Сергей Бачериков ўтирганини кўриш мумкин. Учаласи ҳам Украинада жанг қилган ва Россия Қаҳрамони унвонини олган.
Чулдум-оол Украинада 55-алоҳида гвардия моторли милтиқ бригадасида хизмат қилган. Украина ҳукумати 55-бригада аскарларини 2022 йил март ойида Ягодное қишлоғининг 360 дан ортиқ аҳолисини мактаб ертўласида деярли бир ой ушлаб турганликда айблади. Бу вақт ичида ертўлада 10 киши ҳалок бўлган.
Бачериков Ғарбий ҳарбий округнинг 27-алоҳида радиация, кимёвий ва биологик мудофаа бригадасида хизмат қилган бўлиб, ўт ўчирувчи ротани бошқарган.
Дудко Украинада ҳаво-десант кучларининг 76-гвардия ҳаво-десант ҳужуми дивизиясининг 124-алоҳида танк батальони командири ўринбосари сифатида хизмат қилган. Украинадаги ушбу дивизия ҳарбийлари Буча шаҳрини босиб олиш пайтида тинч аҳолини ўлдиришда айбланмоқда.
Бучани босиб олишда қатнашган яна бир ҳарбий, полковник Азатбек Омурбеков Хабаровскдаги Ғалаба парадида кетма-кет иккинчи йил иштирок этди, дея таъкидлайди “Астра”. Худди бир йил олдинги каби, кортеж пайтида унинг қўл остидагилари Украинада тинч аҳолини ўлдиришга буйруқ берганликда айбланган Омурбеков танк колоннасини бошқарган.
Шарҳлар