Байден: “Биз Москвага, Кремлга зарбалар берилишини маъқулламаймиз”
АҚШ Украинага Америка қуролидан Россия ҳудуди ичкарисига зарбалар бериш учун рухсат бергани йўқ. Бу ҳақда Жо Байден ABC News’га берган интервьюсида айтиб ўтди, деб ёзади Meduza.
Суҳбат чоғида АҚШ президенти журналистнинг Америка қуроли Россия ичкарисидаги нишонларга зарба беришда қўлланилган-қўлланилмагани ҳақидаги саволига тўғридан-тўғри жавоб берди. Шу билан бирга, Байден Киевга бу қурол билан Москвага ҳужум қилиш тақиқланганини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, Украина томонига “Россиянинг Украинадаги муайян нишонларга ҳужумларига жавобан чегара яқинидаги зарбалар” учун рухсат берилган. “Биз Россия ичкарисига 200 мил (320 км) масофага зарбаларни маъқулламаймиз ва Москвага, Кремлга зарбаларни ҳам маъқулламаймиз”, — деди Байден.
Шунингдек, ABC News журналисти президентдан Путиннинг Украинага юқори аниқликдаги Ғарб қуролининг етказиб берилишини урушда бевосита қатнашиш деган гапларига қандай қараши ҳақида савол берди.
“Мен Путинни 40 йилдан кўпроқ вақтдан буён танийман. Ва у мени 40 йилдан буён ташвишлантириб келади. У инсофли одам эмас. У Украинага ҳужумни давом эттирган ҳолда ўз мамлакатини бор кучи билан ушлаб қолишга уринаётган диктатор, — деди Байден. — Биз уларга Москвага, Кремлга зарба бериш учун қурол тақдим этиш ҳақида гапирганимиз йўқ — балки фақат россияликлар томонидан Украинага бостириб кириш ва украиналикларни ўлдириш учун қўлланилаётган оддий турдаги қуроллардан ўққа тутилаётган чегарадан зарба бериш ҳақида гапирмоқдамиз”.
Шарҳлар