Мозамбикда вабо касаллигидан қочган 90 киши кема ҳалокати оқибатида ҳаётдан кўз юмди

Фото: Baza

Мозамбик қирғоқлари яқинида қўлбола кема ҳалокатга учраши оқибатида 90 дан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмди, уларнинг орасида болалар кўп бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, қайта жиҳозланиб, йўловчи кемасига айлантирилган балиқчи кемасида 130 га яқин одам бўлган.

Уларнинг барчаси Нампула провинцияси яқинидаги оролга етиб олишга уринган — шу тариқа, одамлар ҳудудда авж олган вабо касаллигидан қочмоқчи бўлган. Бироқ кемада ҳаддан ортиқ одам бўлгани сабабли, у чўкиб кетган. Шунингдек, у йўловчи ташиш учун мўлжалланмаган.

Айни пайтда қутқарувчилар омон қолган беш кишини топган, қидирув давом этмоқда, аммо об-ҳаво шароитлари операцияни қийинлаштирмоқда.

Мозамбикда октябрдан буён сув орқали юқувчи вабо касаллигига чалиниш билан боғлиқ қарийб 15 мингта ҳолат қайд этилган, шуларнинг 15 таси ўлим билан тугаган. Нампула энг кўп жабрланган ҳудуд бўлиб, унга барча касалланиш ҳолатларининг учдан бир қисми тўғри келади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.