Швецияда Африкадан ташқарида маймун чечагига чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат аниқланди
Швецияда маймун чечагига чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган Стокгольм фуқароси Африканинг ушбу касаллик авж олган қисмига сафар чоғида уни юқтириб олган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) швециялик беморда аниқланган инфекция mpox вируси (аввал “маймун чечаги” деб аталган) эканини тасдиқлади. Айни пайтда у шифокорлар назорати остида даволанмоқда. Бошқа мамлакатлар ҳозирча mpox вируси аниқлангани ҳақида хабар бергани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Африкада авж олган маймун чечаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан жамоатчилик соғлиғини сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазият деб тан олинди. 2024 йилда касалланиш билан боғлиқ 14 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг 524 таси ўлим билан тугаган. ЖССТ минтақавий ҳаракатлар режасини ишлаб чиққан бўлиб, унга 15 миллион доллар талаб этилади. Маймун чечагининг тарқалиши Конго демократик республикасида қайд этилган бўлиб, касалланиш ҳолатлари кейинроқ Бурунди, Кения, Руанда ва Угандада ҳам аниқланган.
Шарҳлар