Москва муфтийси Россияда ниқобни тақиқлаш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди
Москва муфтийси ва Москва жомеъ масжиди бош имоми Илдар Алаутдинов Россияда ниқобларнинг тақиқланиши жамият орасида кескинлик кучайишига олиб келишини айтди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Унинг сўзларига кўра, бу россиялик мусулмонлар орасида норозиликка сабаб бўлиши мумкин. Аёлларнинг анъанавий ёпиқ бош кийими тақиқланиши эҳтимоли ҳақида аввалроқ Россия инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Валерий Фадеев айтиб ўтган эди.
“Бундай уринишлар дунёвий ҳуқуқ меъёрларининг ва Россия фуқароларига эътиқод эркинлиги, демакки дин қонун-қоидаларига риоя қилиш ҳуқуқини берувчи Конституцияга зид ҳаракат бўлиб кўринади”, — деди Алаутдинов. Унинг қўшимча қилишича, бундай тақиқнинг киритилиши Россиянинг Яқин Шарқ мамлакатлари билан алоқаларига салбий таъсир ўтказади.
Москва муфтийси сўзларига кўра, ниқоб тақиш масаласининг ўзи муҳокамали бўлиб қолмоқда. Уни Мусулмонлар диний бошқармаси уламолар кенгаши билан муҳокама қилишга тайёр. Унинг аниқлик киритишича, бошқарма замонавий дунёвий давлат шароитида ниқоб тақишни тарғиб қилмайди. Бироқ ушбу бош кийимини тақиш “ҳуқуқига дахл қилиниши”ни ислом мамлакатлари ўз динларига қарши репрессия деб баҳолаши мумкин.
Шарҳлар