АҚШ венесуэлалик мухолифатчини президент сайлови ғолиби деб тан олди
АҚШ Давлат департаменти венесуэлалик мухолифатчи Эдмундо Гонсалес Уррутиани “муваффақиятли сайлов кампанияси билан” табриклади, деб ёзади “Коммерсантъ”. Вашингтон уни президент сайлови ғолиби деб расман тан олди. Каракаснинг расмий версиясига кўра, Николас Мадуро учинчи муддатга қайта сайланган.
“Афсуски, Мадуро томонидан назорат қилинувчи Миллий сайлов кенгаши томонидам ушбу овозларнинг ҳисоблаб чиқилиши ва натижаларнинг эълон қилиниши жиддий қонунбузарликлар билан амалга ошди, оқибатда Венесуэла халқи иродасини акс эттирмайдиган натижалар эълон қилинди”, — дейилади Давлат департаменти баёнотида.
АҚШ ва Венесуела халқига шу нарса “аниқ-равшанки, Эдмундо Гонсалес Уррутия энг кўп овоз тўплаган”, дейилади идора баёнотида. Давлат департаменти қайд этишича, мухолифат бутун Венесуэла бўйлаб сайлов участкаларидан олинган бюллетенларни эълон қилган ва улар мухолифатчининг ғалабаси ҳақида гувоҳлик беради. Вашингтон фикрича, Венесуэла партиялари “ҳокимиятни ҳурмат ва тинчлик билан топширишни муҳокама қилишни бошлаши керак”.
Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни Венесуэла Миллий сайлов кенгаши Николас Мадуро 51,2 фоиз овоз тўплаб сайловда ғолиб бўлганини эълон қилди, Эдмундо Гонсалес эса 44 фоиз овоз йиғганини маълум қилди. Бироқ мухолифат экзитполлар натижаларига таяниб, Гонсалес 73 фоиз натижа билан ғалаба қозонганини даъво қилди. Сайлов натижалари эълон қилингач, Венесуэлада оммавий норозиликлар бошланди.
Шарҳлар