Моди Путин ва Зеленскийнинг хабарларини бир-бирига етказишга рози бўлди
Яқин орада Киевга ташриф буюришни режалаштираётган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россия-Украина низосида воситачилик миссиясини бажармайди, деб ёзади Bloomberg ўз манбаларига таяниб. Бироқ у зарурат туғилса, Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг хабарларини бир-бирига етказишга рози бўлди.
Bloomberg ёзишича, Нарендра Модининг воситачилик қилишни истамаслиги Ҳиндистон Россиянинг арзон нархдаги энергия манбалари ва қуролига боғлиқлиги билан изоҳланади. Агентлик манбасига кўра, Моди билан учрашув Зеленский учун Ҳиндистоннинг низони тартибга солишдаги ролини муҳокама қилиш учун муҳимдир. Ҳиндистон бош вазири хавфсизлик нуқтайи назаридан, Киевда бор-йўғи бир неча соат вақт ўтказишни режалаштирмоқда.
8 июль куни Нарендра Моди Москвага икки кунлик ташриф билан келиб, Владимир Путин билан музокаралар ўтказган ва Украинада тинчликка эришиш учун ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган эди. Кремль ташрифдан кейин Ҳиндистон бош вазири “воситачилик саъй-ҳаракатлари учун даъвогарлик қилмаётгани”ни билдирди. Ҳиндистон телеканали Модининг Украинага ташрифини “дипломатик миссия”нинг давоми деб атади.
Шарҳлар