НАТО Украинадаги низога аралашишдан бош тортиш тўғрисидаги декларацияни имзолаши мумкин

Foto: “RIA Novosti”

Июлда бўлиб ўтадиган саммитда НАТО мамлакатлари Украинадаги низога янги ёндашувни тасдиқлаши мумкин. Альянс Украинага ҳарбий кўмакни мувофиқлаштириш вазифасини ўз зиммасига олади, айни вақтда эса қуролли низога тўғридан тўғри аралашувдан воз кечиш ҳақидаги декларатсияни имзолайди. Бу ҳақда Италиянинг Corriere della Sera газетаси ҳужжат лойиҳасига таяниб хабар берди.

Нашр қайд этишича, НАТО саммитида яна бир муҳим масала ҳал этилади: Украинага ёрдам бўйича “Рамштайн гуруҳи” раҳбарлиги Пентагон раҳбари Ллойд Остиндан НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳига ўтказилади. Таъкидланишича, бундан янада самаралироқ бошқарувдан ташқари, сиёсий мақсад ҳам кўзланган. Ушбу ҳолатда гуруҳнинг хатти-ҳаракатлари жамоатчилик фикри нуқтайи назаридан ва хусусан, Россия президенти Владимир Путин наздида янада демократикроқ кўринишга эга бўлади.

Февралда Франция президенти Эммануел Макрон Украинага қўшинлар юбориш эҳтимолини истисно қилмаган эди. Кейинроқ у бу Украина ҳукумати сўрови билангина юз беришига аниқлик киритди. Ушбу баёнотдан кейин Киевнинг бир қатор иттифоқчилари, шу жумладан, Германия, АҚШ, Полша Украинага қўшин жўнатиш режалари йўқлигини маълум қилди.

НАТО саммити 9—11 июль кунлари Вашингтонда бўлиб ўтади. 2023 йилдаги саммитда G7 мамлакатлари Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.