НАТО машғулотлари фонида Литва Россия авиацияси анча фаоллашганини қайд қилмоқда

Фото: Getty Images

Литва Мудофаа вазирлиги кетма-кет иккинчи ҳафта давомида НАТО машғулотлари фонида Болтиқ денгизида Россия авиациясининг фаоллиги ошганини қайд этди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган ҳафтада Болтиқбўйи мамлакатларида ҳаво полицияси миссиясини бажараётган НАТО қирувчи самолётлари Болтиқ денгизи устидаги халқаро ҳаво ҳудудида парвоз қоидаларини бузган Россия самолётларини аниқлаш ва кузатиб бориш учун 11 та парвозни амалга оширган.

Хусусан, еттита Су-24 тактик бомбардимончи, бешта Су-27 қирувчи самолёти, тўртта Су-30 қирувчи самолёти, иккита Су-34 қирувчи-бомбардимончи, тўртта Ил-20 разведка самолёти, иккита Ан-30 самолёти ва битта Ил-96 йўловчи самолёти аниқланган.

Мудофаа вазирлиги ушбу самолётларнинг аксарияти парвоз режаларисиз, радар транспондерларини ўчирган ҳолда, минтақавий парвозларни бошқариш маркази билан радио алоқасисиз учаётганини таъкидлади. Уларнинг аксарияти Калининград областидан халқаро ҳаво ҳудудидаги ҳавога кўтарилиб, Россия Федерациясининг ўша ҳудудига қўнган.

Россия самолётларининг минтақадаги фаолияти Болтиқбўйи минтақасида бўлиб ўтаётган “Темир бўри 2024-1” халқаро BALTOPS машқлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. АҚШнинг Европа ва Африка денгиз кучлари маълумотларига кўра, унда НАТОнинг 20 та давлатидан 9000 га яқин аскар ва бошқа ходимлар, 50 дан ортиқ кема ва 80 та самолёт иштирок этмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.