НАТО Украинага 40 млрд евролик ҳарбий ёрдамни тақдим этади
НАТОнинг Вашингтондаги саммитида Украинага йил давомида 40 миллиард евролик ҳарбий кўмак тақдим этиш ҳақида қарор қабул қилинди, деб ёзади DW альянсга аъзо мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарлари баёнотига таяниб.
Қайд этилишича, ушбу сумма ичига 2024 йил 1 январдан буён ажратилган маблағлар ҳам киради. Германия жорий йилда аллақачон Киевга 8 миллиард евролик ҳарбий ёрдам беришни ўз зиммасига олган.
Шунингдек, саммитда ноябрда АҚШда бўлиб ўтадиган президент сайловида Дональд Трамп ғалаба қозонган тақдирда ҳам Украинага кўмак берилишини кафолатлайдиган режа келишиб олинган.
Ушбу режа доирасида НАТО томонидан Украинага қурол-яроғ етказиб берилиши, шунингдек, украиналик аскарларнинг Европада ўқитилиши энди альянснинг Висбаден (Германия)даги қароргоҳи томонидан мувофиқлаштирилади.
NSATU (Nato Security Assistance and Training for Ukraine) номли янги бош қароргоҳ, шунингдек, Украинага Шимолий Атлантика альянси билан янада яқинлашишда ёрдам беради.
Шарҳлар