НАТО саммити арафасида Польша ва Украина хавфсизлик тўғрисида келишув имзолади

Фото: Hromadske

Украина президенти Владимир Зеленский Варшавада Польша бош вазири Дональд Туск билан учрашиб, узоқ муддатли хавфсизлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда Bloomberg хабар беради.

Нашрнинг ёзишича, Украина раҳбарининг Польшага ташрифи Киевга узоқ муддатли ёрдамни мустаҳкамлашга қаратилган. Таъкидланишича, Польша Украинанинг Европа Иттифоқидаги энг кучли тарафдорларидан бири, жумладан, қочқинларни қабул қилишнинг биринчи пункти бўлган. Мамлакатда 1 миллионга яқин украиналиклар қолмоқда.

Июнь ойи охирида Туск Европа Иттифоқи Россия Федерацияси билан чегарада мудофаа чизиғини қуриш ва Европа устидан ҳаво мудофааси бўйича “темир гумбаз” лойиҳасини амалга ошириш учун маблағ ажратишини маълум қилди. 2 июль куни Германия канцлери Олаф Шольц Туск билан қўшма матбуот анжуманида мамлакатлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганини маълум қилди. Уларнинг баёнотларига кўра, давлатлар «Болтиқ денгизи минтақасида ва НАТОнинг шарқий қанотини ҳимоя қилишда етакчи роль ўйнаган».

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.