НАТО Россия ва КХДР ўртасидаги келишув туфайли Ғарбни жипслашишга чақирди
Россия ва КХДР ўртасидаги ўзаро ҳарбий ёрдам тўғрисидаги шартнома демократик давлатлар жипслашиши зарурлигини таъкидлайди. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди, деб ёзади “РБК”.
Унинг сўзларига кўра, Москва ва Пхеньян ўртасидаги келишув “авторитар мамлакатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ўсиб бораётгани”ни кўрсатади.
“Шуни англашимиз керакки, авторитар давлатлар тобора бирлашиб бормоқда. Улар бир-бирини шундай қўллаб-қувватлаяптики, бунақасини илгари кўрмаганмиз”, — деди Столтенберг Канада бош вазири Жастин Трюдо билан музокаралардан кейин ўтказилган брифингда.
НАТО, шунингдек, Россия Шимолий Корея ракета ва ядро дастурларига бериши мумкин бўлган кўмаги юзасидан ҳам хавотирда, деди у.
Бундан ташқари, альянс бош котиби Европада хавфсизлик муаммолари Осиё билан боғлиқлигини қайд этди, бунга, хусусан, Хитой ва Россия муносабатлари сабабчидир. Бундай вазиятда НАТО Осиё-Тинч океани минтақасидаги иттифоқдошлар билан ишлаши зарур, деди Столтенберг. Альянснинг ёзги саммитида Австралия, Янги Зеландия, Жанубий Корея ва Япония билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш муҳокама қилинади.
Шарҳлар