“Навальний анча олдинроқ ўлган деб ўйлайман”- Харп колониясидаги маҳбуслардан бири “Новая газета Европа” нашрига интервью берди

“Новая газета Европа” нашри Алексей Навальний қамоққа олинган Харпдаги колония маҳбуси билан суҳбатни чоп этди.

Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, “15 февраль оқшомида колонияда тушунарсиз ҳолат бошланган”. Хусусан, кечки текшириш ишлари жуда тезлашган, кейин ҳамма казармаларга қамалган ва хавфсизлик кучайтирилган.

«Уч марта кечқурун ва тунда зонага кириб келаётган машиналарнинг товушини эшитиш мумкин эди, лекин деразадан қандай машина эканини кўриб бўлмайди», – дея иқтибос келтиради “Новая газета Европа” маҳбуснинг сўзларидан.

«16 февраль куни эрталаб тўлиқ тинтув бошланди: колония ходимлари телефонлар, карталар ва ҳатто авваллари унчалик эътибор берилмайдиган сув қайнатгичларни ҳам олиб қўйишди.»

Соқчиларнинг гап-сўзларидан маҳбуслар колонияда текширув кутилмоқда деб тахмин қилишди. Лекин, одатда, улар бундай текширувлар ҳақида бир ой олдин билиб олишарди ва уларга олдиндан тайёргарлик кўришарди.

Манба, шунингдек, 16 февраль куни эрталаб колонияга тез ёрдам машиналари келмаганини айтди: машина Навальнийнинг ўлими маълум бўлганидан кейин пайдо бўлган.

“Менимча, Навальний эълон қилинган вақтдан анча олдин вафот этган. Катта эҳтимол билан, 15 февраль оқшомида”, дея таъкидлайди нашр суҳбатдоши.

Айни дамда бир қанча оммавий ахборот воситалари Алексей Навальнийнинг онаси ва унинг адвокати Салехардга етиб келгани ва Харп қишлоғидаги “ИК-3” колониясига йўл олгани ҳақида хабар бермоқда. Бу маълумот ҳали тасдиқланмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.