Навальнийнинг иши бўйича бош терговчи амал поғонасидан кўтарилди
Мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийга қарши ишларни олиб борган муҳим ишлар бўйича терговчи, полковник Роман Видюковнинг лавозими кўтарилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш жамғармасининг собиқ директори Иван Жданов ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
“Терговчи Видюков – Навальнийга қарши ишларнинг асосий терговчиси. У терговчи эди, ҳозир эса Бош тергов бошқармаси бошлиғининг ўринбосари”, — деб ёзади Жданов. Шунингдек, у Видюков имзолаган ҳужжатнинг фотосуратини илова қилган, унда унинг янги лавозими қайд этилган.
Видюков Навальнийнинг фирибгарлик ишини, шунингдек, бошқа бир қатор шов-шувли терговларни олиб борган, хусусан, собиқ иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаевнинг иши, Москва вилояти Серпухов туманининг собиқ раҳбари Александр Шестуннинг иши. 2022 йилда Россия президенти Владимир Путин Видюковни иккинчи даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлаган, дея аниқлик киритади «Дождь» телеканали.
Шарҳлар