Навальнийнинг ўлимидан кейин Путин ЖИФХ директор ўринбосарига янги унвон берди

Россия Жазоларни ижро этиш федерал хизмати (ЖИФХ) раҳбари ўринбосари Валерий Бояринев ички хизмат генерал-полковниги бўлди, деб ёзади Meduza.

Бояриневга янги унвонни тақдим этиш ҳақидаги фармон Россия президенти Владимир Путин томонидан 19 февраль куни — сиёсатчи Алексей Навальний колонияда вафот этганидан кейин уч кун ўтиб имзоланган.

Валерий Бояринев ЖИФХ директори биринчи ўринбосари лавозимини 2022 йил июлидан буён эгаллаб келади. Бунгача у 2015 йилдан ЖИФХ раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган, ундан аввал эса ЖИФХнинг қамоқхоналар ва тергов изоляторлари фаолиятини ташкил этиш бўйича бошқармасини бошқарган.

Эслатиб ўтамиз, Ямал-Ненец округи бўйича ЖИФХ бошқармаси 16 февраль куни Навальний колонияда вафот этгани ҳақида эълон қилди. Сиёсатчининг жасади ўлим юз берган ҳолатни ўрганиш баҳонаси остида унинг оиласига берилмаяпти.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.